Ўзбекистон Республикаси
Бандлик ва меҳнат
муносабатлари вазирлигининг
2017 йил  “25”  октябрдаги
“378” – ич – сон буйруғига
2 – илова

                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                             

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги “Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш  илмий маркази”нинг
НИЗОМИ

  1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
  2. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази” (кейинги ўринларда “Илмий марказ” деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 24 майдаги ПҚ-3001-сон қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат мулки объектларидан самарали ва рационал фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳақида” 2015 йил 9 октябрдаги 289-сон қарори асосида ташкил этилган.
  3. Илмий марказнинг муассиси бўлиб Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳисобланади. Илмий марказ Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ташкилий тузилмасига кирувчи, бандлик, меҳнат муносабатлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳаларида илмий-амалий ишлар, тадқиқотлар, лойиҳалар ва дастурларни амалга оширадиган давлат илмий муассасасидир.
  4. Илмий марказ ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг буйруқлари, йўриқномалари, кўрсатмалари, шунингдек ушбу Низомга асосан амалга оширади.
  5. Илмий марказ юридик шахс мақомига эга бўлган мустақил тузилма бўлиб, ўз балансига, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги ва тижорат банкларида очилган ҳисоб рақамларига, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвирланган ва ўз номи ёзилган муҳрга, штампга ҳамда ўз фаолияти учун зарур бошқа белгилар ва реквизитларга эга бўлади.
  6. Илмий марказ ташкилий жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига бўйсуниб, ўз фаолиятини вазирлик ва давлат буюртмалари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш агентлигининг дастурлари, вазирлик ва идоралар ҳамда корхона ва ташкилотлар буюртмалари ҳисобига тўланадиган тўловлар ва бошқа турдаги хўжалик ҳисоби маблағлари ҳисобидан амалга оширади.
  7. Илмий марказнинг номи:

давлат тилида – Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази;

инглиз тилида – Republican scientific centre on population employment and labour safety;

рус тилида – Республиканский научный центр занятости и охраны труда.

  1. Марказнинг почта манзили: Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Қамарнисо кўчаси, 37-уй.
  2. ИЛМИЙ МАРКАЗНИНГ МАҚСАДИ ВА ФАОЛИЯТИНИНГАСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ
  3. Аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида илмий-амалий ишлар, тадқиқотлар, лойиҳалар ва дастурларни амалга ошириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимига кирувчи раҳбар ва мутахассис ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Марказ фаолиятининг асосий мақсади ҳисобланади.
  4. Қуйидагилар илмий марказ фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

иқтисодий ривожланишнинг устуворликларини ҳисобга олган ҳолда меҳнат, аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш;

бандликнинг янги турдаги кўринишларини жорий этиш ва анъанавий кўринишларини кенгайтириш учун бандлик соҳаларини кенгайтиришга оид методик ва норматив-ҳуқуқий асосларни ишлаб чиқиш;

меҳнат миграцияси, шу жумладан ички миграция соҳасида рўёбга чиқаётган жараёнларни таҳлил қилиш, уларнинг сабабларини илмий асослаш, уни бошқариш ва таъсир кўрсатиш йўллари бўйича тадқиқотлар ўтказиш;

ҳудудларни демографик ва иқтисодий ривожлантириш прогнозлари асосида аҳоли бандлигини таъминлаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

ишга жойлашишга муҳтож, иш билан банд бўлмаган аҳолини касбий қайта тайёрлаш ва ишга жойлаштириш бўйича сифатли хизматлар кўрсатишга оид илмий-услубий тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда амалий ишланмалар лойиҳаларини тайёрлаш, шунингдек бу борада замонавий хизматлар кўрсатиш;

ходимларнинг меҳнат соҳасида ижтимоий ҳимояланганлигини кучайтириш мақсадида таклифлар ишлаб чиқиш;

кам таъминланган оилаларни ижтимоий ҳимоясининг манзиллилигини таъминлаш чора-тадбирларининг амалга оширилишини, нафақа ва моддий ёрдам тўловларининг ўз вақтида белгиланиши ва тўланишининг назорат қилинишини таъминлаш ишларига амалий ёрдам бериш;

меҳнатга ҳақ тўлашни ташкил этиш, ишлар, касблар ва лавозимларнинг тариф-малака маълумотномаларида акс эттирилмаган лавозимлар ва ишларни тариф сеткасининг тегишли разрядларига киритиш масалаларида хўжалик бошқаруви органларига ва бошқа ташкилотларга методик ва амалий ёрдам бериш;

меҳнат, бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини, меҳнат муносабатларини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;

касаначилик, оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик фаолияти ва аҳолининг ўзини ўзи иш билан таъминлашининг бошқа шакллари ривожлантирилишини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

меҳнат соҳасидаги ижтимоий-иқтисодий ахборотларни таснифлаш ишларини амалга ошириш, меҳнат меъёрлари ва қоидаларини, шунингдек хизматчиларининг асосий лавозимлари ва касб тариф-малака тавсифномаларини ишлаб чиқиш;

барча турдаги корхона, ташкилот ва муассасалар учун иш вақтини ҳисобга олиш масалалари борасида методик ёрдам кўрсатиш;

ҳудудларда меҳнат бозорининг ҳолатини, унинг мувозанатлашиш даражаси ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш ишларининг натижаларини  тизимли баҳолаш мақсадида меҳнат бозори ҳолатининг индексини ҳисобловчи методик ёндашувларни ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизими фаолият йўналишлари бўйича раҳбар ходимлари ва мутахассис кадрларини, корхона ва ташкилотларнинг ходимларини замонавий билимларга асосланган ҳолда қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими ҳамда олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини тадқиқ қилади ҳамда унинг натижалари асосида кадрларнинг ва ўқув юртларида мутахассисларнинг касб тайёргарлиги йўналишларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

ёшлар ва банд бўлмаган аҳолини маъқул кўраётган касб-ҳунарлари ва меҳнат соҳасидаги қизиқишларини аниқлаш мақсадида ижтимоий тадқиқотлар олиб бориш;

республика ва маъмурий-ҳудудий тузилмаларнинг меҳнат ресурслари сони ҳамда таркибини ўрганиш ва такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш;

қонунчиликда белгиланган тартибда вазирликлар, идоралар ва мулкчилик шаклидан қатъий назар барча хўжалик юритувчи субъектлар билан ўзаро келишувлар асосида бандлик, миграция, меҳнатни муҳофаза қилиш ва нормалаш масалаларида ҳуқуқий-меъёрий хужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш;

меҳнат шароитларини баҳолаш ва меҳнат хавфсизлигини таъминлаш учун меъёрий базани яратиш мақсадида меҳнатни муҳофаза қилишга тааллуқли ҳужжатларнинг ишлаб ва қайта кўриб чиқишни ҳамда иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказишда илмий-услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш;

ходимларининг умумий сони 100 киши ва ундан кўп бўлган ташкилотлар иш ўринларининг меҳнат шароитлари юзасидан аттестация ўтказиш сифатини ўрганиш ва дастлабки баҳони бериш;

иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш бўйича мутахассис малака сертификатини олиш учун имтиҳонларни ташкил этиш махсус идоралараро имтиҳон комиссияси ишини ташкил этиш;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қайта тайёрлаш ҳамда малака ошириш курсларини ташкил этиш;

меҳнат, аҳоли бандлиги, меҳнат муҳофазаси ҳамда меҳнат муносабатлари масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатлар таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

меҳнат, аҳоли бандлиги, меҳнат муҳофазаси ҳамда меҳнат муносабатлари масалалари юзасидан махсус социологик тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш;

илмий-техникавий ва ихтисослаштирилган кенгашлар ташкил қилиш, тегишли илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликда меҳнат, аҳоли бандлиги, меҳнат муҳофазаси ҳамда меҳнат муносабатлари масалалари юзасидан олиб борилаётган илмий изланишларни мувофиқлаштириш;

меҳнат, аҳоли бандлиги, меҳнат муҳофазаси ҳамда меҳнат муносабатлари масалалари бўйича меҳнат соҳаси ходимлари ҳамда бошқа соҳа мутахассисларининг билимларини ошириш бўйича ўқитиш;

илмий йўналишлар асосида, монографиялар, дарсликлар ва даврий ахборотномалар, журналлар ва бошқа нашрлар ташкил қилиш.

III. ИЛМИЙ МАРКАЗНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

  1. Илмий марказ ўз мақсади ва фаолиятининг асосий йўналишларини амалга ошириш бўйича қуйидаги ҳуқуқларга эга:

тегишли вазирлик, идоралар ва бошқа ташкилотлардан соҳага оид маълумотлар ҳамда зарур материалларни олиш учун мурожаат қилиш;

вазирликлар, идоралар, корхоналар, ташкилотлар, муассасалар, оммавий ахборот воситалари ва чет эл ташкилотлари билан шартномавий муносабатларни ўрнатиш;

судларда мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлар кўрилганда даъвогар ва жавобгар сифатида иштирок этиш;

ўз пул маблағларидан мустақил ва самарали фойдаланиш;

ўз ходимларидан ташқари, бошқа корхона ва ташкилотларнинг илмий ходимлари ва мутахассисларини шартнома асосида, шунингдек, қонунчиликда таъқиқланмаган бошқа шаклларда ишларни бажариш учун ёллаш;

меҳнат шароитлари бўйича иш ўринларини аттестациядан ўтказиш сифати бўйича Давлат экспертизасини ўтказишда Илмий марказ мутахассислари танлов асосида, жойига (аттестация ўтказилаётган ташкилотга) борган ҳолда аттестация ўтказаётган ташкилот тақдим қилган маълумотларнинг ҳаққонийлигини ва ўлчов усулларининг тўғрилигини текшириш;

иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш бўйича мутахассис малака сертификатини олиш бўйича имтиҳонларни ташкил этиш, имтиҳон комиссияси ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш ва таклифлар киритиш;

меҳнат миграцияси соҳасида социологик ўрганишлар ва илмий тадқиқотлар ўтказиш;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ташкил этиш ҳамда улар фаолиятини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини чет элларда ишга жойлаштиришнинг самарали ва замонавий механизмларини жорий этиш юзасидан тадқиқотлар ўтказиш;

жойларда ўз бўлинмаларини очиш, чет эл ташкилотлари билан қўшма корхоналар тузиш, кичик корхоналар ташкил қилиш, банк кредитларидан фойдаланиш;

тегишли илмий-техникавий ва ихтисослаштирилган кенгашлар ташкил қилиш, шунингдек давлат-хусусий мулк шерикчилиги асосида илмий-амалий журналлар, турли хизматларни кўрсатувчи ташкилотларни, касбга қайта тайёрлаш курсларини таъсис этиши ва таъсисчи сифатида қатнашиш;

ноширлик фаолиятини белгиланган тартибда амалга ошириш, ўқув дастурлари, дарсликлар, ўқув қўлланмалар, илмий журнал ва мақолалар тўпламларини нашр қилиш;

ажратилган бюджет маблағлари, ўз маблағлари ва грант маблағлари ҳисобидан зарур жиҳоз ва анжомларни харид қилиш;

тежаб қолинган маблағларни, шунингдек шартнома асосида тушадиган маблағларни ўзининг моддий-техника базасини яхшилашга, янги дарсликлар, ўқув қўлланмалари ва бошқа адабиётлар сотиб олишга, нашр этишга ва ходимларни рағбатлантиришга сарфлаш;

илмий-услубий ишларга юқори малакали мутахассисларни, тажрибали амалиётчи ходимлар ва хориждан мутахассисларни шартнома асосида жалб қилиш;

ўз фаолиятини ривожлантириш учун модернизация ва янги технологиялар, ижтимоий ривожлантириш, моддий рағбатлантириш ва валюта ажратмалари жамғармаларини ташкил қилиш. Мазкур маблағлар келгусида фойдаланиш учун йиғилиб, олиб қўйилиши мумкин эмас;

халқаро конференция, симпозиум, семинар ва анжуманларни ташкил қилиш ҳамда уларда иштирок этиш.

Илмий марказ Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тақиқланмаган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

  1. Қуйидагилар Илмий марказ мажбуриятлари ҳисобланади:

илмий-тематик режалари асосида ишлаб чиқилган ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг тегишли бошқарма ва бўлимлари билан келишиш;

ишлаб чиқариш, хўжалик ҳамда илмий-услубий фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ҳисобот бериб бориш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг  топшириқларини (меъёрий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, таржима билан шуғулланиш, меҳнат бозорини ўрганиш юзасидан таҳлилларни амалга ошириш) бажариш.

  1. ИЛМИЙ МАРКАЗ ТУЗИЛМАСИ ВА БОШҚАРУВ ОРГАНЛАРИ
  2. Илмий марказнинг тузилмаси Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг буйруғига мувофиқ белгиланади.

Илмий-амалий ишлар, тадқиқотлар, лойиҳалар ва дастурлар Илмий марказнинг штатдаги ходимлари ҳамда ишлаб чиқариш зарурати туғилганда вақтинчалик (меҳнат келишувлари асосида) жалб этилган ходимлар томонидан амалга оширилиши ҳам мумкин.

  1. Илмий марказ фаолиятига директор раҳбарлик қилади.

Илмий марказ директори икки нафар ўринбосарга эга: директорнинг биринчи ўринбосари ва директор ўринбосари.

  1. Илмий марказ директори ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

Илмий марказ директори ўринбосарлари Илмий марказ директори тавсиясига асосан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

Илмий марказ директори ўринбосарларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 181-моддасида белгиланган интизомий жазо чораларини қўллаш ёки белгиланган тартибда уларни моддий рағбатлантириш юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирига таклиф киритади.

  1. Илмий марказ директори ўз ваколати доирасида қонун ҳужжатларига мувофиқ буйруқлар чиқаради ва уларнинг бажарилишини таъминлайди.

Директор қонун ҳужжатлари ва мазкур Низомга мувофиқ:

Илмий марказ номидан ишончномасиз иш олиб боради, барча ташкилотларда унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади;

директор ўринбосарлари ўртасида Илмий марказ тузилмасига асосан вазифаларни тақсимлайди;

штатлар жадвалини, шунингдек Илмий марказ таъминоти харажатлари тизимини, сметаларни, шу жумладан турли пулли хизматлар кўрсатиш харажатларини тасдиқлайди ҳамда уларга ўзгартиришлар киритади;

ходимларни ишга қабул қилади ва ишдан бўшатади;

Илмий марказ ходимлари учун ойлик маош тизими ва рағбатлантириш жамғармасини тақсимлайди;

Илмий марказнинг мол-мулки ва маблағларидан тасарруф қилиш ҳуқуқисиз фойдаланади;

Илмий марказнинг молиявий, иқтисодий, хўжалик ва бошқа фаолият турлари бўйича шартномаларни имзолайди ҳамда Илмий марказнинг молиявий, иқтисодий, хўжалик ва бошқа фаолият турлари бўйича ишончнома беради, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида ва тижорат банкларида Илмий марказ ҳисоб рақамларини очади;

белгиланган тартибда модернизация ва янги технологиялар, ижтимоий ривожлантириш ва валюта ажратмалари жамғармаларини ташкил қилади;

юқори малакали мутахассисларга, илмий ходимлар ва бошқа ходимларга моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси ҳисобидан ойлик устама белгилайди;

Илмий марказ ходимларини мукофотлайди ва зарур ҳолларда уларга нисбатан интизомий жазо чораларини кўради;

ички меҳнат тартиби қоидаларини белгилайди, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ қўшимча таътил муддатини белгилайди;

илмий кенгашлар, конференция, симпозиум, семинар ва анжуманларда Илмий марказ номидан қатнашади;

Илмий марказда ташкил этилган Илмий кенгаш ишига раҳбарлик қилади;

қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Ўқув дастурларини Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг тегишли бошқармалари билан келишилган ҳолда тасдиқлайди;

тасдиқланган режа-жадвалга асосан раҳбар ходимларни ва мутахассис кадрларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни ташкил этиб, тегишли гуруҳларнинг шакллантирилиши бўйича буйруқлар чиқаради;

малака ошириш ва қайта тайёрлашга жалб этилган тингловчилар сабабсиз машғулотларга қатнашмаган ёки ички тартиб қоидаларини бузган тақдирда, уларни тингловчилар сафидан чиқаради. Бунда, тингловчилар сафидан чиқарилган ходимнинг иш жойига ҳамда вазирлик кадрлар бўлимига маълумот берилади;

илмий тадқиқотчиларни Илмий марказга бириктириш масалаларини кўриб чиқади;

Илмий марказ таъсисчилигида тузилган “MEHNAT.UZ” ахборот компьютер маркази” МЧЖ фаолияти бўйича умумий назоратни олиб боради;

“MEHNAT.UZ” ахборот компьютер маркази” МЧЖ директори ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири билан келишган ҳолда,  Илмий марказ директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади;

қонунчиликда белгиланган тартибда Илмий марказ асосий воситаларини ижарага беради;

қонун ҳужжатларига мувофиқ тақиқланмаган бошқа ваколатларни амалга оширади.

  1. Илмий марказ директорининг биринчи ўринбосари:

иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш бўйича мутахассис малака сертификатини олиш учун имтиҳонларни ташкил этиш махсус идоралараро имтиҳон комиссияси ишини сифатли ва самарали ташкил этишга масъул бўлиб ҳисобланади;

Илмий марказ тузилмасига биноан тегишли таркибий бўлинмалар фаолиятини мувофиқлаштиради;

илмий-амалий жараённи ташкил қилишга бевосита раҳбарлик қилади;

илмий-ишлаб-чиқариш режаларини ишлаб чиқиб, тасдиққа киритади;

илмий-тадқиқот ишларига методологик жиҳатдан раҳбарлик қилади;

Илмий кенгаш иш режасини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Илмий кенгаш муҳокамасига киритади;

Илмий марказнинг илмий ишлари бўйича ҳисоботлар тайёрлайди;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ташкил этиш ҳамда улар фаолиятини таъминлаш ишларини мувофиқлаштиради;

директорнинг топшириғига кўра бошқа вазифаларни амалга оширади.

  1. Илмий марказ директорининг ўринбосари:

Илмий марказ тузилмасига биноан тегишли таркибий бўлинмалар фаолиятини мувофиқлаштиради;

меҳнат муҳофазаси бўйича меъёрий ҳужжатлар ва давлат стандартларига асосланиб, ўқув-амалий қўлланмалар ҳамда соҳага тегишли адабиётлар чоп этилиши ва амалиётга тадбиқ этилишини ташкиллаштиради;

иш ўринларини (ходимларнинг умумий сони 100 киши ва ундан кўп бўлса) меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш сифатини баҳолаш юзасидан давлат экспертизасининг ўтказилишини назорат қилади;

меҳнатни регламентлаш ва нормалаш соҳасида меҳнат жамоаларининг  илғор тажрибаларини умумлаштиради ва оммалаштиради;

бандлик, миграция ва меҳнатни муҳофаза қилиш юзасидан белгиланган вазифалар бўйича халқаро ҳамкорлик ва ташқи алоқалар масалаларини мувофиқлаштиради;

директорнинг топшириғига кўра бошқа вазифаларни амалга оширади.

  1. Ишлаб чиқариш заруратидан келиб чиқиб, Илмий марказ директори томонидан унинг ўринбосарларининг вазифалари қайта кўриб чиқилиши мумкин.
  2. Илмий марказ ва унинг таркибий бўлинмалари Илмий марказ директори томонидан тасдиқланган ички меҳнат тартиби қоидалари, лавозим йўриқномалари ва бошқа тегишли ҳужжатларга мувофиқ фаолият кўрсатади.
  3. Илмий марказ меҳнат, аҳолини иш билан таъминлаш ва меҳнатни муҳофаза қилиш муаммолари бўйича Ўзбекистон Республикасидаги бош илмий муассаса сифатида ўзида тегишли илмий кенгаш ташкил қилиши мумкин.

Илмий кенгаш таркибига директор ҳамда заруратдан келиб чиқиб, директор ўринбосарлари ва таркибий бўлинмалар раҳбарлари киради. Шунингдек, илмий кенгаш таркибига Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳамда соҳага алоқадор бошқа олий ўқув юртлари, илмий муассасалар, вазирликлар ва ташкилотларнинг олимлари ва мутахассислари киритилиши мумкин.

  1. Илмий марказ меҳнат, аҳолини иш билан таъминлаш ва меҳнатни муҳофаза қилиш муаммолари бўйича жамоатчилик муҳокамасини ташкил қилиш мақсадида Жамоатчилик кенгашини ташкил қилиши мумкин.
  2. Илмий марказ меҳнат, аҳолини иш билан таъминлаш ва меҳнатни муҳофаза қилиш муаммолари бўйича давлат-хусусий мулк шерикчилиги асосида турли касбга қайта тайёрлаш курсларни ва замонавий хизматлар кўрсатувчи ташкилотларни ҳамда этиши илмий-амалий журналларни таъсис этиши ва таъсисчи сифатида қатнашиши мумкин.

 

  1. ИЛМИЙ МАРКАЗ ФАОЛИЯТИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ, УНИНГ МОЛ-МУЛКИ ВА МАБЛАҒЛАРИДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШ
  2. Илмий марказ фаолиятини молиялаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қуйидаги манбалар ҳисобидан амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш жамғармасининг маблағлари;

иш ўринларини (100 киши ва ундан кўп бўлса) меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш сифатини баҳолаш юзасидан давлат экспертизаси ўтказиш учун тўланадиган маблағлар;

иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш бўйича мутахассис малака сертификатини олиш учун тўланадиган маблағлар;

шартнома асосида пуллик хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар;

давлат илмий-техникавий дастурлари рўйхатига киритилган илмий дастурларни мақсадли молиялаштириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари буюртмаси бўйича танлов асосида бажариладиган ишлар учун ажратиладиган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик (беғараз) маблағлари;

Илмий марказ биноларининг вақтинча фойдаланилмаётган қисмини бошқа ташкилотларга ижарага беришдан тушадиган маблағлар;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

  1. Илмий марказнинг мулки асосий ва айланма маблағлардан, шунингдек бошқа моддий ва номоддий бойликлардан иборат бўлиб, уларнинг қиймати Илмий марказнинг балансида қайд қилинади.
  2. Илмий марказ ўзининг ҳисобидаги мулкка эгалик ва фойдаланиш ҳуқуқини Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.
  3. Илмий марказнинг маблағлари шартнома бўйича бажарилган ишлар учун тўлов тариқасида келган пул тушумлари, зарур ҳолларда, банк кредитлари ва қарзлари, шунингдек қонунчиликда таъқиқламаган бошқа манбалар ҳисобига ташкил қилинади.
  4. Айланма маблағлар фақат Илмий марказнинг ихтиёрида бўлади ва уларни бошқа юридик шахслар унинг тасарруфидан чиқариб олишга ҳақли эмас.

Хўжалик шартномалари ва буюртмаларни бажариш ҳисобига тушган пул маблағлари Илмий марказ фаолиятини молиялаштиришнинг ажралмас қисми ҳисобланиб, унинг ихтиёрисиз сарфланиши (олиб қўйилиши) мумкин эмас.

  1. Илмий марказ ўзининг асосий фаолияти билан боғлиқ бўлган банк, кредит ва кассага доир муносабатларни амалга оширади. Пул маблағлари ва моддий бойликларнинг дахлсизлигини таъминлайди.
  2. Илмий марказ белгиланган тартибда, бухгалтерия ва статистика ҳисобини юритади. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Илмий марказ фаолиятини амалдаги қонунчиликка мувофиқ назорат қилиши мумкин.
  3. Илмий марказнинг маҳсулоти ва хизматларига нархлар буюртмачи билан келишилган шартномавий баҳоларда белгиланади.
  4. Илмий марказ ходимлари меҳнатига амалдаги қонунчиликка мувофиқ ҳамда ходимнинг Илмий марказ илмий-амалий, ишлаб чиқариш ва хўжалик фаолиятларига қўшган ҳиссасига қараб ҳақ тўланади.
  5. Илмий марказ раҳбарлари ва ходимларининг мансаб маошлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 21 июлдаги “Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткасини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 206-сон қарори билан тасдиқланган Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткасига асосан тўланади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида” 2012 йил   11 январдаги 6-сон қарорининг 2-бандига асосан Илмий марказнинг молиявий имкониятларидан ва хўжалик фаолияти натижаларидан келиб чиққан ҳолда, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашни ташкил этиш учун асос сифатида Ягона тариф сеткасининг оширилган тариф коэффициентларини белгилаши мумкин.

Илмий марказнинг молиявий ва иқтисодий аҳволидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишилган ҳолда, буюртмага кўра, фундаментал илмий ишлар бажарилган тақдирда, Илмий марказ раҳбарлари ва илмий ходимларининг базавий лавозим маошлари миқдорлари Вазирлар Маҳкамасининг “Илмий ходимлар меҳнатини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2009 йил 18 августдаги 233-сон қарори талабларига мувофиқ белгиланиши мумкин.

  1. Илмий марказ ходимларини мукофотлаш, ойлик маошларга қўшимча (устама)лар белгилаш ва бошқа қўшимча рағбатлантиришлар Илмий марказ директори томонидан тасдиқланган ва Касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган “Ходимларни моддий рағбатлантириш ва мукофотлаш” тўғрисидаги Низомга мувофиқ амалга оширилади.

Илмий марказ директорини ва марказ директори ўринбосарларини мукофотлаш, ойлик маошларга қўшимча (устама)лар ва бошқа қўшимча рағбатлантиришлар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан белгиланади.

  1. ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА МАЛАКА ОШИРИШ
    БЎЙИЧА ЎҚУВ ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

Меҳнат органлари тизими ходимларининг малакасини ошириш

  1. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизими фаолият йўналишлари бўйича раҳбар ходимларни ва мутахассис кадрларнинг малакасини ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан белгиланади.
  2. Малака ошириш жараёни Илмий марказ томонидан ташкил этилган фаолият йўналишлари бўйича кундузги ўқиш шаклидаги курслар сифатида ташкил этилади.
  3. Ҳар бир фаолият йўналиши бўйича курслар Илмий марказ директори томонидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланган Ўқув дастурлари асосида амалга оширилади.

Ўқув дастурлари мазмунан яқин истиқболга мўлжалланиб, аҳоли бандлиги ва меҳнат муносабатлари ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида амалий ва назарий жиҳатдан эришилган ютуқларни, қонунчилик ва услубий соҳадаги ижобий ўзгаришларни акс эттириши лозим.

  1. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизими ходимларининг малакасини ошириш юзасидан ўқув курслари асосан 10 кун давом этади. Ўқиш муддати тингловчилар таркиби, ўқишга қўйилган талаблар ва тўлов шартларининг тоифаланишига қараб ўзгариши мумкин.

Курслар замонавий технологияларга асосланган ҳолда масофавий равишда ташкил этилиши мумкин.

  1. Курсларнинг янада унумли фаолият кўрсатиши учун ўқитиш фаолиятига турли ўқув юртларидан профессор-ўқитувчилар, шунингдек республика ва чет эллардан етакчи олимлар, тажрибали амалиётчиларни ўриндошлик ёки алоҳида шартномалар асосида жалб қилиш мумкин.

Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида мулкчилик шаклидан қатъий назар барча хўжалик юритувчи субъектлар ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш

  1. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида мулкчилик шаклидан қатъий назар барча хўжалик юритувчи субъектлар ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 27 апрелдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорини янада ривожлантириш тўғрисида”ги 246-сон қарорининг 3-иловаси белгиланган “Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қайта тайёрлаш ва малака ошириш тартиби тўғрисида”ги Низомдан келиб чиқиб амалга оширилади.
  2. Илмий марказ меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида давомийлиги
    72 академик соатдан кам бўлмаган малака ошириш курсларини қуйидагилар учун ташкил этади:

ташкилотларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати раҳбари ва мутахассисларига;

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчиларининг бевосита мазкур хизматлар билан шуғулланувчи ходимлари, шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан фойдаланиладиган аккредитация қилинган синов лабораториялари раҳбарларига.

  1. Илмий марказ меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида давомийлиги
    36 академик соатдан кам бўлмаган малака ошириш курсларини қуйидагилар учун ташкил этади:

иш берувчилар томонидан ўрнатилган тартибда белгиланган меҳнатни муҳофаза қилишни таъминлашга жавобгар раҳбарлар ва мутахассисларга;

давлат меҳнат техник инспекторлари ва меҳнат шароитлари экспертлари, касаба уюшмаси ташкилотларининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисларига.

  1. Шунингдек, Илмий марказ меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида давомийлиги 18 академик соатдан кам бўлмаган малака ошириш курсларини қуйидагилар учун ташкил этади:

ташкилотлар раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарларига;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вазифалар юкланган масъул ходимларга;

касаба уюшмалари ва ходимларнинг бошқа вакиллик органлари томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил этилган шахсларга;

малака ошириши зарурлиги аниқланган бошқа шахсларга.

  1. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қайта тайёргарликдан ўтиш зарурати туғилган тақдирда иш берувчининг буйруғи билан меҳнатни муҳофаза қилиш вазифаси юкланган, техник йўналишдаги олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълимига эга бўлмаган раҳбарлар (ёки уларнинг ўринбосарлари), шунингдек ташкилот ходимлари учун Илмий марказда 288 академик соатдан кам бўлмаган ҳажмдаги ўқув курслари ташкил этилади.

Бунда, бир ҳафталик ўқув юкламаси барча турдаги, шу жумладан аудиторияда ва аудиториядан ташқари (мустақил) ўқув ишлари билан биргаликда 54 академик соатдан ортиқ миқдорда белгиланади. Аудитория ишлари бир ҳафтада 36 академик соатдан ошмаслиги керак.

Меҳнатни муҳофаза қилишни ташкил этиш вазифаси юклангандан кейин олти ой ичида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қайта тайёргарликдан ўтилиши шарт.

  1. Илмий марказ ташкилотлар ходимларининг ўқитиш бўйича талабни ҳисобга олган ҳолда, ҳудудларда ҳам меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисларнинг малакасини ошириш курсларини ташкил этиши мумкин.
  2. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида малака ошириш ва қайта тайёрлаш курслари якунида, олинган билимларни текшириш бўйича уч кишидан кам бўлмаган таркибда имтиҳондан ўтказиш комиссияси тузилади.

Имтиҳон комиссияси таркибига Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги вакиллари киритилиши мумкин.

Курс якуни бўйича имтиҳонларни муваффақиятли топширган тақдирда:

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида малака оширганларга Давлат намунасида сертификат;

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қайта тайёрлашдан ўтганларга Давлат намунасида диплом берилади

  1. Илмий марказ меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида малака ошириш ва қайта тайёрлашдан ўтган шахслар бўйича тўлиқ маълумотларни, таълим ташкилотлари бўйича ҳар ойда, жорий ойнинг 10-кунига қадар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига киритади.
  2. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқув дастурлари ва ўқув-тематик режалар асосида ўтказилади (кейинги ўринларда Таълим дастурлари деб аталади).

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича Таълим дастурлари Илмий марказ томонидан ишлаб чиқилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва «Саноатгеоконтехназорат»давлат инспекцияси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тасдиқланади. Таълим дастурлари, заруратга кўра, камида уч йилда бир марта янгилаб борилади.

  1. Малака ошириш ва қайта тайёрлаш курслари учун тўлов миқдорлари Илмий марказнинг ҳақиқий харажатларидан келиб чиққан ҳолда, Илмий марказ директори томонидан тасдиқланадиган тариф ставкалари асосида амалга оширилади.

VII. ИЛМИЙ МАРКАЗНИНГ ХАЛҚАРО АЛОҚАЛАРИ

  1. Илмий марказ аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳаларида халқаро ҳамкорлик қилиш, хорижий ҳамкорлар билан шартномалар тузиш, тегишли халқаро ташкилотлар билан белгиланган тартибда ўзаро манфаатли асосда илмий ахборотлар алмашиш ишларини йўлга қўяди, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ халқаро алоқаларни амалга оширади.
  2. Илмий марказ ўз ходимларининг тажриба орттиришини етакчи хорижий илмий ва ўқув марказларида, ташкилотларда ва халқаро ташкилотларда амалга оширилишини мустақил равишда ташкил этиши мумкин.
  3. Илмий марказда чет эл фуқароларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, Илмий марказ ходимларининг хорижий давлатларда ўқув ва илмий-тадқиқот ишларини олиб бориши халқаро шартномалар, давлат органлари ўртасида тузилган битимлар асосида амалга оширилади.

VIII. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

  1. Илмий марказ фаолиятини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
  2. Ушбу Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги буйруғи билан амалга оширилади.